5-боб

1 Чолларга таъна қилмагин, лекин уларга худди отангга гапиргандек насиҳат қилгин. Ёшларга укаларингга гапиргандек, 2 кампирларга онангга гапиргандек муомала қилгин, ёш қизларга бутун поклик билан сингилларингга гапиргандек насиҳат қилгин. 3 Беваларни, яъни ҳақиқий беваларни ҳурмат қилгин. 4 Лекин бирор беванинг фарзандлари ёки набиралари бўлса, унда улар аввал ўз оиласини ҳурмат қилишни ва ота-оналарига тегишли ҳақларини беришни ўргансинлар, чунки бу Худога маъқулдир. 5 Ёлғиз қолган ҳақиқий бева Худога умид қилиб, туну кунни ибодат ва илтижо билан ўтказади. 6 Кайф-сафога интиладигани эса тириклигида ўликдир. 7 Улар бенуқсон бўлишлари учун бу нарсаларни уларга уқтиргин. 8 Агар кимдир ўзиникилар ҳақида, айниқса, ўз хонадони ҳақида ғамхўрлик қилмаса, у имондан воз кечган бўлади ва имонсиз одамдан ҳам баттардир. 9 Рўйхатга киритиладиган бева аёлнинг ёши олтмишдан кам бўлмасдан, бир эркакнинг хотини бўлган бўлиши керак. 10 У эзгу ишлари билан машҳур, болаларини яхши тарбиялаган, мусофирларни қабул қилган, муқаддасларнинг оёқларини ювган, азоб чекканларга ёрдам берган ва ҳар қандай хайрли ишларни қилишга астойдил бағишланган бўлиши керак. 11 Ёш беваларни эса рўйхатга қабул қилма, чунки улар Масиҳга хилоф равишда шаҳватга берилиб, эрга тегишни истайдилар. 12 Улар маҳкумликка лойиқдирлар, чунки аввалги имонни рад қилдилар. 13 Бунинг устига, улар уйма-уй саёқ юриб, бекорчи бўлишни ўрганадилар ва нафақат бекорчи, балки сафсатабоз, бошқаларнинг ҳаётига бурнини суқадиган ва керак бўлмаган нарсаларни гапирадиган бўлиб қоладилар. 14 Шунинг учун ёш бевалар турмушга чиқиб, бола туғишларини, рўзғорларини бошқаришларини ва душманнинг ғийбат қилишига ҳеч қандай имкон бермасликларини мен хоҳлайман. 15 Чунки баъзилар аллақачон шайтонга эргашиб, йўлдан озиб кетганлар. 16 Агар бирон имонли эркак ёки аёлнинг бева қариндошлари бўлса, унда унинг ўзи уларга ғамхўрлик қилиши керак. Жамоатга эса уларни юкламаслиги керак, токи Жамоат ҳақиқий беваларга ёрдам бера олсин. 17 Яхши бошчилик қилаётган, айниқса, Сўзни воизлик қилишда ва таълим беришда меҳнат қилаётган жамоабошилар икки баробар кўп ҳурматга лойиқ ҳисоблансинлар. 18 Чунки Ёзув: “Янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсма” ва “меҳнаткаш ўз мукофотига сазовор”,- демоқда. 19 Жамоабошиларга қўйилган айбни икки ёки уч гувоҳ бўлмаса, қабул қилмагин. 20 Гуноҳ қилиб юрганларни эса ҳамманинг олдида фош қилгин, токи бошқалар ҳам қўрқишсин. 21 Худо ва Раббий Исо Масиҳ ҳамда танланган фаришталар олдида сени қаттиқ огоҳлантираман: ҳеч бир нарсада юз-хотирчилик ва тарафдорчилик қилмай, буларга риоя қилгин. 22 Ҳеч кимга қўлингни шошилинч қўймагин ва бошқаларнинг гуноҳларига шерик бўлмагин. Ўзингни пок сақлагин. 23 Энди фақатгина сув ичма, балки ошқозонинг ва тез-тез бўлиб турадиган касалликларинг учун озгина шароб ҳам ичиб тургин. 24 Баъзи одамларнинг гуноҳлари ошкордир ва тўғридан-тўғри маҳкумликка олиб боради, баъзиларнинг гуноҳлари эса кейинроқ маълум бўлади. 25 Худди шундай яхши ишлар ҳам ошкордир, агарда шундай бўлмаса ҳам, яширин бўлиб қола олмайди.