1 Руҳ аниқ айтяптики, охирги замонларда баъзилар алдовчи руҳларга ва жинларнинг таълимотига қулоқ солиб, имондан қайтадилар. 2 Шу алдовчилар ўз виждонларида гўё қизиган темир билан куйдирилган бўлиб, риёкорлик билан ёлғон сўзлаб, 3 уйланишни ман этадилар ва ҳақиқатни билиб олган имонлилар миннатдорчилик билан ейишлари учун Худо яратган овқатлардан тийилишни буюрадилар. 4 Аммо Худонинг яратган барча нарсалари яхшидир. Агар миннатдорчилик билан қабул қилинса, ҳеч нарса рад этилмаслиги керак, 5 чунки булар Худонинг Сўзи ва ибодат билан муқаддасланади. 6 Биродарларга буларни эслатиб, сен эргашган ўша соғлом таълимот ва имон сўзлари билан озиқланиб, Исо Масиҳнинг яхши хизматкори бўласан. 7 Яроқсиз афсоналар ва кампирларнинг уйдирмаларидан эса юз ўгириб, диёнатли бўлишда машқ қилгин. 8 Чунки жисмоний машқдан фойда оз, аммо диёнат ҳозирги ва келажакдаги ҳаётнинг ваъдасига эга бўлиб, ҳамма нарса учун фойдалидир. 9 Бу сўз тўғри ва тўлиқ қабул қилинишга муносибдир. 10 Айнан шунинг учун ҳам биз меҳнат қилмоқдамиз ва ҳақоратларга бардош бермоқдамиз, чунки ҳамма одамларнинг ва, айниқса, имонлиларнинг Нажоткори бўлган барҳаёт Худога умид қилмоқдамиз. 11 Буни воизлик қилгин ва ўргатгин. 12 Сенинг ёшлигингга ҳеч ким менсимаслик қилмасин, лекин имонлилар учун сўзда, юриш-туришда, севгида, руҳда, имонда, покликда намуна бўлгин. 13 Мен келгунимча, Сўзни ўқиш, насиҳат қилиш ва таълим бериш билан машғул бўлгин. 14 Сенга пайғамбарчилик воситаси билан жамоабошилар кенгашининг бошингга қўл қўйиши билан берилган инъомга бепарво бўлмагин. 15 Буларни онгингда фараз қилиб, ўзингни буларга бутунлай бағишлагин, токи сенинг муваффақиятинг ҳаммага ошкор бўлсин. 16 Сен ўзингга ва таълимотга диққат қилгин. Булар билан доимо машғул бўлгин, чунки шундай ҳаракат қилиб, ўзингни ҳам, сени тинглаётганларни ҳам қутқариб қоласан.