3-боб

1 Бу сўз тўғри: агар ким Жамоатнинг нозири бўлишни истаса, хайрли ишни истаган бўлади. 2 Лекин нозир бенуқсон, битта хотиннинг эри, ҳушёр, ақли соғлом, одобли, меҳмондўст, таълим беришга қобилиятли бўлиши керак. 3 Шунингдек, у майхўр, урушқоқ, ғаразгўй, жанжалкаш эмас, балки мулойим, пулпарастликдан йироқ, 4 ўз хонадонини яхши бошқарадиган, ўз фарзандларини бутун обрўйи билан итоатда сақлайдиган одам бўлсин. 5 Чунки агар одам ўз хонадонини қандай бошқаришни билмаса, унда қандай қилиб Худонинг Жамоатига ғамхўрлик қилади? 6 Нозир эндигина имонга келганлардан бўлмаслиги керак, токи мағрурланиб, иблис билан бирга маҳкум бўлмасин. 7 У ёмон гап-сўзга ва иблиснинг тузоғига тушмаслиги учун Жамоатдан ташқаридагилар томонидан ҳам яхши гувоҳликка эга бўлиши керак. 8 Шунингдек, Жамоат хизматчилари ҳам обрўйли, иккиюзламачи бўлмаган, шаробга эҳтирос қўймаган, беғараз ва 9 имон сирини пок виждонда сақлайдиган одамлар бўлсинлар. 10 Бундайларни эса аввал синаб кўриш керак, агар бенуқсон бўлсалар, шундагина хизматга тайин қилиш керак. 11 Уларнинг хотинлари ҳам обрўйли, туҳмат қилмайдиган, ҳушёр ҳамма нарсада садоқатли бўлишлари керак. 12 Жамоат хизматчилари ҳам битта хотиннинг эри, ўз фарзандларини ва хонадонини яхши бошқарадиган бўлишлари керак. 13 Чунки яхши хизмат қилганлар ўзларига олий мартаба ва Исо Масиҳда бўлган имонда буюк жасорат тайёрлайдилар. 14 Мен сенинг ёнингга яқинда боришни умид қилиб, сенга буни ёзяпман, 15 токи агарда ушланиб қолсам, унда сен Худонинг уйида қандай ҳаракат қилиш кераклигини билгин. Худонининг уйи – барҳаёт Худонинг Жамоатидир, ҳақиқатнинг устуни ва пойдеворидир. 16 Диёнатнинг сири эса эътирозсиз буюкдир: Худо танада зоҳир бўлди, Ўзининг ҳақлигини Руҳда тасдиқлади, фаришталарга Ўзини кўрсатди, халқлар орасида воизлик қилинди, дунёда имон билан қабул қилинди, шуҳрат билан кўтарилди.