2-боб

1 Шундай қилиб, энг аввало шуни илтимос қиламан: барча инсонлар, подшоҳлар, ҳамма ҳокимлару бошлиқлар учун ибодатлар, илтижолар, шафоатлар қилинглар ҳамда миннатдорчилик билдиринглар, 2 токи биз ҳар қандай диёнат ва покликда тинч ҳамда осойишта ҳаёт кечирайлик, 3 чунки Нажоткоримиз Худога бу яхши ва маъқулдир. 4 У барча одамларнинг нажот топишларини ва ҳақиқатни билиб олишларини хоҳлайди. 5 Зеро Худо ягона ва Худо билан инсонлар орасидаги Воситачи ҳам ягонадир, яъни инсон Исо Масиҳ. 6 У барча инсонларни тўлов билан қайтариб олиш учун Ўз жонини фидо қилди: ўз вақтида бу ҳақида берилган гувоҳлик шундай эди. 7 Мен эса бу гувоҳликнинг воизи, ҳаворийси ҳамда (ёлғон гапирмай, Масиҳда ҳақиқатни айтаман) мажусийларга имон ва ҳақиқатни ўргатадиган устоз этиб тайинландим. 8 Шундай қилиб, эркаклар муқаддас қўлларини ғазабсиз ва шубҳасиз ҳолда кўтариб, ҳар ерда ибодат қилишларини истайман. 9 Шунингдек, аёллар ҳам одобли кийимда, орият ва иффат билан юриб, ўзларини ўрилган сочлари ҳамда олтин, марварид ва қимматбаҳо кийимлар билан эмас, 10 балки ўзини диёнатга бағишлаган аёлларга мувофиқ хайрли ишлар билан безатсинлар. 11 Хотин жим бўлиб, ҳар қандай итоаткорлик билан таълим олсин. 12 Бироқ хотиннинг эрига таълим беришига ҳам, унинг устидан ҳукмронлик қилишига ҳам рухсат бермайман. Хотин жим бўлсин. 13 Чунки аввал Одам-Ато, кейин эса Ҳавва яратилган, 14 ва Одам-Ато эмас, балки хотин алданиб жиноят қилган. 15 Лекин агар имонда, севги ва иффат билан муқаддасликда ҳаёт кечирса, у бола туғиши орқали нажот топади.