1 Қуллик бўйинтуруғи остида бўлганлар ўз хўжайинларини ҳар қандай ҳурматга муносиб, деб ҳисобласинлар, токи Худонинг номи ва таълимоти ҳақорат қилинмасин. 2 Хўжайинлари имонли бўлган қуллар, хўжайинлари энди биродарлари бўлганлари учун уларни менсимай қўймасинлар. Аксинча, улар яхшироқ хизмат қилишлари керак, чунки улар имонлилар, севиклилар ва даромадга шериклардир. Буни ўргатгин ва насиҳат қилгин. 3 Ким бошқа нарсани ўргатса ва бизнинг Раббимиз Исо Масиҳнинг соғлом сўзларига ҳамда диёнат ҳақидаги таълимотга эргашмаса, 4 у мағрур ва ҳеч нарсани билмайдиган одамдир. У талашиш-тортишиш ва баҳслашиш касаллигини юқтиргандир. Бу нарсалардан фақат ҳасад, низо, туҳмат, ёвуз гумонлар содир бўлади. 5 Шунингдек, диёнат гўёки даромад орттириш учундир, деб ўйлайдиган, ҳақиқатдан йироқ ва онги бузуқ бўлган одамларнинг орасида пуч баҳсларни пайдо қилади. Бундай одамлардан узоқлашгин. 6 Диёнат эса қаноат билан бирга буюк даромаддир. 7 Чунки биз бу дунёга ҳеч нарса олиб келмадик, ундан ҳеч нарса олиб кета олмаслигимиз ҳам аниқдир. 8 Шунинг учун озиқ-овқат ва кийим-кечакка эга бўлсак, шу билан қаноатланайлик. 9 Бой бўлишни истаганлар эса васвасага, тузоққа ҳамда одамларни вайроналик ва ҳалокатга ботирадиган кўп фаросатсиз, зарарли ҳирсларга йўлиқадилар. 10 Чунки ҳамма ёвузликларнинг томири – пулпарастликдир. Баъзилар бунга берилиб, имондан оғиб кетдилар ва ўз-ўзларини кўп азобларга дучор қилдилар. 11 Сен эса, эй, Худонинг одами, булардан қочгин. Аксинча ҳақлик, диёнат, имон, севги, сабр-тоқат ва мулойимликнинг пайидан бўлгин. 12 Имоннинг яхши жанги билан жанг қилгин. Абадий ҳаётни ушлаб тургин, чунки сен шунга даъват этилгансан ва яхши эътирофни кўп гувоҳлар олдида эътироф этгансан. 13 Ҳамма нарсага ҳаёт берувчи Худонинг олдида ва Понтий Пилат ҳузурида яхши эътироф билан гувоҳлик берган Исо Масиҳнинг олдида сенга буюраман: 14 Бизнинг Раббимиз Исо Масиҳ зоҳир бўлгунча, амрни бенуқсон ва беғубор сақлагин. 15 Ягона муборак Парвардигор, подшоҳларнинг Подшоҳи ва эгаларнинг Эгаси ўз вақтида Масиҳни намоён қилади! 16 Ёлғиз У ўлмасликка эгадир, У яқинлашиб бўлмайдиган нурда истиқомат қилади. Уни инсонлардан ҳеч ким кўрмаган ва кўра олмайди ҳам. Унга ҳурмат ва абадий салтанат бўлсин! Омин. 17 Бу дунёда бой бўлганларга шундай буюргин: улар кеккаймасинлар ва бевафо бойликка боғланмасинлар, балки завқланишимиз учун бизга ҳамма нарсани мўл қилиб берадиган тирик Худога умид боғласинлар. 18 Улар хайрли ишларга бойиб, сахий ва ҳаммага улфат бўлиб, яхшилик қилсинлар. 19 Шундай қилиб, келажакдаги яхши пойдевор бўладиган шу хазинани абадий ҳаётга эришишлари учун ўзларига тўпласинлар. 20 Эй, Тимўтий! Сенга топширилганни сақлагин, ярамас пуч гаплардан ва сохта “билим”, деб аталадиган баҳслашувлардан узоқлашгин. 21 Баъзилар буларга берилиб, имондан оғиб кетдилар. Иноят сен биландир! Омин.